Ёшлар инновацион ғоялари ва стартап-лойиҳаларига кўмаклашиш дастурининг якуний босқичи ўтказилди

Ёшларнинг инновацион тадбиркорлик кўникмалари ривожлантириш ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Россия Федерацияси Траст фондининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида Ёшлар инновацион ғоялари ва стартап-лойиҳаларига кўмаклашиш “Стартап-ташаббуслар” дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Умурзаков, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси А.Саъдуллаев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили М.Димовска, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси В.Митрофанов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки директори Ф.Ибрагимов, “Рақамли ишонч” Рақамли иқтисодни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фонди ижрочи директори Б.Беков ҳамда дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, турли вазирлик, идоралар ва олий таълим муассалари вакиллари иштирок этди.

Дастурнинг 4-босқичи Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олди ва 648 та ариза қабул қилди. Номзодлар босқичма-босқич сараланиб, «Demo Day» якунида энг яхши 5 та лойиҳа ўз стартапини ривожлантириш учун мукофот маблағлари билан тақдирланди.

«Demo Day»га тақдим этилган стартап-лойиҳаларнинг кичик ишчи моделлари иштирокчилар томонидан уч ой мобайнида яратилган, амалиётда синаб кўрилган, лойиҳаларнинг камчиликларини таҳлил қилиниб, мукаммаллаштирилган.

Бундан ташқари ўтган давр мобайнида жамоалар “тежамкор стартап” (Lean Startup) услубиятидан фойдаланиб, стартапни ривожлантириш асосларини ўрганиш ва уни мувафаққиятли бизнесга айлантиришга қаратилган амалий семинарда иштирок этди.

Шунингдек, стартап лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларни тайёрлаш ва тақдимотини ўтказиш учун юқори малакали экспертлар ва кўзга кўринган тадбиркорлар иштирокида маҳорат дарслари ва маслаҳат учрашувлари ўтказилди.

Другие новости